Юксак мукофот соҳиблари
Баъзан ҳаётимизда қалтис вазиятларга дуч келамиз. Бундай ҳолатларга кўникмаганимиз учун ичимизда қандайдир қўрқув, ҳадик пайдо бўлади. Кимдир ўзини қўлга олиб, вазиятдан чиқиб кета олади, кимдир эса йўқ. Подполковник Собир Имомов эса хизмат жараёнида бундай вазиятларга тез-тез дуч келса-да, уни ҳеч қандай қўрқув ҳам, ҳадик ҳам безовта қилмайди. Негаки, қаҳрамонимизнинг юрагида Ватанни, ватандошларни асраш, касбига садоқат ва ишончни оқлаш каби юксак туйғулар яшайди.
Ички ишлар вазирлигининг Сурхондарё вилояти бўйича махсус отряди бош мутахассиси – гуруҳ командири Собир Имомов жасур ва фидойи ходимлардан бири.
– Бизнинг ишда таваккал қилиб бўлмайди. Ҳамма нарсани аниқ ҳисоб-китоб билан амалга ошириш керак, – дейди подполковник Собир Имомов. – Акс ҳолда, киши ўзининг ҳам, атрофидагиларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин. Баъзан зарарсизлантириш вақтида совуқ тер чиққан пайтлар ҳам бўлган. Бироқ машғулотлар давомида қўрқувни енгишга кўпроқ эътибор қаратилгани боис бу туйғу бегоналашиб кетади. Чунки қўрққан одам бир лаҳзада ҳамма нарсани ёдидан чиқаради ва вазифани уддалай олмайди. Қарабсизки, билдирилган ишонч поймол бўлади. Касбимизнинг энг нозик нуқтаси ҳам ана шу ерда.
Қаҳрамонимиз қатъиятлилиги билан касбдошлари олдида ҳурмат қозонган. Ўзи ҳам бир сўзли, ваъдасидан тонмайдиган инсонларни қаттиқ ҳурмат қилгани ҳолда шу ақидага амал қилиб яшайди.
Собир Имомов жонкуяр ота сифатида вояга етказаётган 2 нафар ўғлининг тарбиясига алоҳида эътибор қаратади. Уларнинг юрт корига ярайдиган мард ўғлонлар бўлиб етишишини хоҳлайди.
Самарқанд олий ҳарбий автомобил қўмондонлиги ва муҳандислиги билим юртини тамомлаган Собир Имомов ўн йиллик фаолияти давомида кўплаб операцияларни муваффақиятли якунлаган ва бугун ҳам вазифасига содиқ. Ана шу содиқлик, фидойилик, тинчликни таъминлашдек шарафли бурчни бажариш чоғидаги мардлик яқинда юксак даражада мукофотланди. Собир Имомов Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан «Жасорат» медали билан тақдирланди.
Ботир ўғлонлар элнинг чинакам таянчи, суянган тоғи бўлади. Подполковник Собир Имомов ҳам шундай суянчиққа ярайдиган, одамлар хавфсизлиги учун кўксини қалқон қилган мард ўғлондир. Шунинг учун ҳам у хавфдан чўчимайди. Бундай инсонларнинг жони ҳамиша омонда бўлади.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
«Постда» мухбири.
Сурхондарё вилояти.
