ИИВ Малака ошириш институтида ички ишлар органларининг сафдор ва сержант лавозимларига танлов асосида қабул қилинган бир гуруҳ ходимларнинг бошланғич касбий тайёргарлик ҳамда “маёр” махсус унвонини олиш учун ўқув курслари якунланиши муносабати билан битирув тадбири бўлиб ўтди.
Унда сўзга чиққан институт бошлиғи, полковник Олимжон Аҳмедов, кейинги йилларда ички ишлар органлари тизимларида ҳам бир қатор ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади. Тадбирда сўзга чиққанлар ички ишлар органларини халқнинг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантириш, соҳани билимли, замонавий фикрлайдиган, юксак инсоний ва етук салоҳиятга эга ёш кадрлар билан тўлдириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигини эътироф этдилар.
Назарий ва амалий машғулотлар Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари ва соҳавий хизматларнинг тажрибали амалиёт ходимлари томонидан нафақат анъанавий усулларда, балки замонавий ахборот коммуникация технологияларини ҳамда интерфаол усулларни қўллаган ҳолда давра суҳбати, баҳс-мунозара, семинар-тренинг, амалий машғулот шаклларида олиб борилди. Шунингдек, дам олиш кунлари пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этилди.
Ўқиш давомида тингловчиларнинг касбий, ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий, жанговар, жисмоний, руҳий, тиббий тайёргарлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Тантанали тадбирда ўқув дастурлар талабларини тўлиқ ўзлаштирган якуний синов-имтиҳонларни муваффақиятли топширган тингловчиларга диплом ва сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, ўқув курси давомида ўзининг касбий билимларини ошириш, амалий кўникмаларини такомиллаштириш, дунёқарашини янада кенгайтиришга интилиб, юқори кўрсаткичларга эришган ҳамда намунали хулқи учун бир гуруҳ тингловчилар фахрий ёрлиқ ва ташаккурнома билан тақдирланди.
ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати.