ИИВ таълим муассасаларида
ИИВ Малака ошириш институтида «Жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг конституциявий – ҳуқуқий кафолатлари» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада ривожлантириш ҳамда ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг истиқболли йўналишларини белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг жамоат хавфсизлиги концепцияси ҳамда
2022-2025 йилларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси изчил амалга оширилмоқда.
ИИВ Малака ошириш институтининг “Юридик фанлар” кафедраси томонидан ўтказилган конференцияда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ички ишлар, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирликлари, ИИВ Академияси, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура Академияси, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси, Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази шунингдек, қатор олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.
Анжуманни ИИВ Малака ошириш институти бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник У.Расулев очди. Илмий-амалий конференцияда даставвал ИИВ Малака ошириш институти ва Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ўртасида Меморандум имзоланди. Сўнгра иштирокчиларнинг мавзуга доир маърузалари тингланди.
Соҳа вакиллари ва мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари асосида бир қатор таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилиб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати.