Ички ишлар вазири ўринбосари — маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи, генерал-маёр Даврон Назармухамедов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Жиззах вилоятидаги ўрганишларининг дастлабки кунида Жиззах шаҳри ҳамда Пахтакор, Шароф Рашидов туманлари ички ишлар бошқарма ва бўлимларида ходимлар учун яратилган хизмат шароитлари билан танишди. Мазкур жараёнда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, тергов ва суриштирув ўтказиладиган хоналарнинг кузатув камералари ва овоз ёзиш қурилмалари билан таъминланиши, шахсий таркибнинг маънавий-маърифий билимларини ошириш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ Пахтакор тумани ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, пробация гуруҳлари учун бунёд этилаётган бинолар ҳамда вақтинча сақлаш ҳибсхонаси қурилиши билан танишди. Бундан ташқари Зафаробод туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3-сектор штабида бўлиниб, ишчи гуруҳ фаолияти учун юзага келтирилган имкониятлар ўрганилди.
ИИВ Жиззах академик лицейида эса таълим шароитлари ва янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнларига диққат қаратилди. Шу куни ички ишлар органларига номзодларни қабул қилиш маркази, вилоят ИИБ жисмоний ва жанговар тайёргарлик бўлими, ЙҲХБ бошқармасининг технологик имкониятлари ўрганилди. Чунончи, мутахассислар кузатув камералари ва қоидабузарликларни аниқловчи қурилмаларнинг салоҳияти ҳақида атрофлича маълумот беришди.
Ишчи гуруҳ томонидан ички ишлар органлари ва тизимга алоқадор муассасалар фаолиятини жонлантириш учун қилиниши зарур тадбирлар ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш чоралари белгиланмоқда. Бунда қизил тоифадаги маҳаллалардаги криминоген вазиятни ўнглашга устувор вазифа сифатида ёндашиляпти.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
ўз мухбиримиз.
Жиззах вилояти.
