Фарғона вилояти Иибда ташкил этилган навбатдаги матбуот анжуманида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда ҳудудларни рақамлаштириш борасида 2023–2024-йилларда амалга оширилган ишлар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказилди.

Дастлаб, вилоят ички ишлар органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар тақдимоти акс эттирилган видеоролик намойиш этилди. Унда қайд этилганидек, ҳудуддаги тезкор-криминоген вазиятни барқарорлаштириш, маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш борасида бир қатор профилактик чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “қизил” тоифадаги 253 та маҳаллага вилоятдаги мутасаддилар, 109 та оғир маҳаллага эса прокуратура масъул ходимлари бириктирилди. Юртбошимизнинг Фарғонага ташрифида белгиланган 6 та йўналишдаги топшириқлар эса алоҳида назоратга олинди. 

Шунингдек, “Хавфсиз маҳалла – хавфсиз хонадон”, “Хавфсиз ҳудуд”, “Бумеранг”, “Тиғ”, “Давомат”, “Ўсмир” тезкор профилактик тадбирлари ўтказилди. “Фуқаробай” иш ташкил этилиб, 86 мингдан ортиқ алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган шахслар билан индивидуал иш ташкил этилди.

Вилоятдаги мавжуд 178 та “Жамоатчилик назорати масканлари” фаолияти тикланди. Тезкор тадбирлар ўтказилиб, қидирувдаги 756 нафар шахс аниқланди. Шунингдек, “қизил” тоифада бўлган 253 та маҳалланинг 35 таси “қизил” тоифадан чиқарилди. Вилоятда рақамлаштириш даражаси ҳам 30 фоизга яхшиланди. Ҳудудларга ўрнатилган видеокузатув камераларининг 5701 таси ички ишлар бўлимлари ҳамда таянч пунктларига интеграция қилинди.

Ўтказилган тадбирлар ижобий самара бериб, жорий йилнинг ўтган 4 ойи давомида қайд этилган умумий жиноятлар 14,8 фоизга, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 23,6 фоизга, маҳаллаларда содир этилган жиноятлар эса 24 фоизга камайди.

Анжуман давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар тергов, профилактика, жамоат тартибини сақлаш, йўл-патрулъ, пробасия хизматлари ва киберхавфсизлик билан боғлиқ саволларга мазкур соҳа мутахассисларидан етарлича жавоб олишди. Шу билан бирга, вилоят ИИБ Ахборот хизмати фаолиятини такомиллаштириш, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳамкорликни янада яхшилаш, тезкор ахборотлар алмашинувини йўлга қўйиш борасида аниқ таклифлар муҳокама қилинди.

Абдувосит СИДИҚОВ,

ўз мухбиримиз.

Фарғона вилояти.