Кун қаҳрамони
1991 йил Термиз шаҳрида туғилган. 2014 йилда ИИВ Академиясини тамомлаб, вилоят ИИБ Эксперт-криминалистика бўлими шахсни идентификация қилиш бўйича автоматлаштирилган бўлинмаси эксперти вазифасида хизмат фаолиятини бошлаган. Айни пайтда вилоят ИИБ Экбда давлат ўқ-гилзотекасини юритиш гуруҳи катта эксперти сифатида кўплаб жиноятларни фош этишда, «Арсенал» тадбирларида топилган қуролларнинг ҳолатини аниқлашда фаоллик кўрсатиб келмоқда.
Эксперт-криминалистикада шахси номаълум бўлган мурдаларни аниқлаш анчагина машаққатни талаб этади. Жорий йил январ ойида Термиз шаҳридаги Шодлик кўчасида шахси номаълум киши вафот этади. Бу ҳақда ЭКБ ходимларига хабар келгач, воқеа жойига навбатчилик қисми билан бирга капитан Фозил Ҳасанов ҳам етиб боради. Мурдани кўздан кечириб, унинг ўнга яқин бармоқ изларини олади. Шундан сўнг бармоқ излари автоматлаштирилган дактилоскопик таққослаш тизими орқали текширилганида, жасад Термиз шаҳрида яшовчи 61 ёшли Г.Г.га тегишли экани аниқланди.
Ўз ишини пухта бажарадиган Фозил Ҳасанов ҳамкасбларига ўрнак бўла олгани ва берилган вазифани тўла адо этиб, жиноятни фош этишга ёрдам берадиган топилмаларни кўрсатгани учун кўп маротаба рағбатлантирилган.
Ёш ва ғайратли эксперт-криминалистга кейинги фаолиятида ҳам аниқлик ва ҳушёрликни қўлдан бой бермаган ҳолда ишлашида муваффақиятлар тилаймиз.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
«Постда» мухбири.
Сурхондарё вилояти.
