Катта лейтенант Шаҳрузжон Савриэв 1996 йилда Бухоро вилоятининг Бухоро туманида ишчи оиласида туғилган. 2018 йили ИИВ Академиясини эксперт-криминалист мутахассислиги бўйича тамомлаган. Шу йили Когон шаҳар ИИБ эксперт-криминалистика гуруҳи катта эксперти лавозимида хизмат фаолиятини бошлади ва айни пайтда ҳам самарали хизмат қилиб келмоқда.

Шу йилнинг 11 январида шаҳарнинг Узумзор кўчасидаги хонадонлардан бирида содир этилган ўғирлик ҳолати бўйича катта лейтенант Ш. Савриэв ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида қўл бармоқ изларини олди. Сўнг зудлик билан олинган бармоқ изларини вилоят ИИБ ЭКБ шахсни идентификасия қилиш бўйича автоматлаштирилган тизим бўлинмасига узатди. Пировардида хонадон кириш эшигининг ташқи юзасидан олинган бармоқ излари шаҳарнинг Қоровулбозор шоҳ кўчасида яшовчи А.Ў.нинг ўнг қўл кўрсаткич, ўрта ва номсиз бармоқларидан қолдирилганлиги аниқланди. Шу тариқа, жиноят тезкорлик билан очилди.

Яна бир ўғрилик шаҳарнинг Янги Когон кўчасидаги савдо дўконида содир этилди. Катта лейтенант Ш. Савриэв тергов-тезкор гуруҳи таркибида ҳодиса жойини кўздан кечирди ва анчагина бармоқ изларини олди. Буларни ҳам вилоят ИИБ Экбга юборди. Натижада бармоқ излари Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида яшовчи, 1998 йилда туғилган Х.О.га тегишли эканлиги аниқланиб, жиноят “иссиқ изида” фош этилишига эришилди. 

Ёш эксперт, катта лейтенант Шаҳрузжон Савриэвнинг ўтган уч йиллик хизмат фаолиятидан бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Эришаётган ютуқларида соҳанинг сир-асрорларини ўргатишда жонбозлик кўрсатган устозлари, айниқса, вилоят ИИБ ЭКБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Эркин Ражабов ва бош эксперт, маёр Шавкат Фозиловларнинг хизмати катталигини алоҳида таъкидлайди. 

Шаҳрузжон жорий йилнинг ўтган даврида 29 маротаба тергов-тезкор гуруҳи таркибида ҳодиса жойига чиқиб, ашёвий далиллар олди. Шундан биттаси қасддан одам ўлдириш, еттитаси ўғрилик, иккитаси ўз жонига қасд қилиш ва бошқа турдаги жиноятлар ҳисобланади. Ўғрилик жиноятларининг иккитаси шахсан Ш. Савриэвнинг саъй-ҳаракатлари натижасида фош этилди. Унинг бу каби хизматларини раҳбарият доимо тақдирлаб келмоқда. Жумладан, ўтган йил касб байрами арафасида вилоят ИИБ бошлиғи уни фахрий ёрлиқ билан тақдирлади.


Мирзоқул АҲАДОВ,

“Постда” мухбири.

 Бухоро вилояти.