Фарғона шаҳрида вилоят ИИБ ЖХХ ЖЦБ кинология бўлинмаси шахсий таркибининг хизмат итлари билан тантанали юриши ва кўргазмали чиқишлари ўтказилди.  

Тантанали юришни ЙҲХБ автопатрули, ППХ мотопатрул гуруҳи ва ҳарбий қисм оркестри бошлаб берди. Ортидан кинология бўлинмаси шахсий таркиби хизмат итлари билан, кейин эса бўлинма автотранспорт воситалари ҳаракатланди. 

Юриш давомида ҳар бир чорраҳада кинология ходимлари “Луна”, “Марта”, “Сем”, “Дана”, “Рита” лақабли хизмат итлари билан кўргазмали чиқишларни намойиш этдилар.

Ушбу намойишларда умумий бўйсунувчанлик, портловчи моддани қидириб топиш, автотранспорт воситасига яширилган гиёҳванд моддаларни қидириб топиш, 2 нафар шартли жиноятчини ушлаш жараёнлари худди амалиётдагидек, жонли тарзда кўрсатиб берилди.

Ушбу чиқишлар юртдошларимизда, айниқса, ўқувчи-ёшларда катта таассурот қолдирди. Улар юрт посбонларининг кўрсатган маҳоратларини қарсаклар билан олқишлаб турдилар.


Абдувосит СИДИҚОВ,

ўз мухбиримиз.

Фарғона вилояти.