Истеъфодаги катта лейтенант Эркабой Ражабов бизни кутиб олиш учун кўчага чиққан экан. Унинг оппоқ соқоли ўзига чунонам ярашиб турарди. 1969 йилда Тошкент шаҳар ИИБ ДАНБ йўл-патрул инспектори лавозимида фаолиятини бошлаган бу ҳамкасбимиз кейинроқ оилавий шароити туфайли ота юрти Хоразмга қайтиб, хизматни давом эттирди. У узоқ йиллик фаолияти давомида кўплаб ёш ходимларга касбининг сир-асрорларини ўргатди. Уларга эл осойишталигини таъминлаш борасида ўрнак кўрсатиб, иззат-икром билан пенсияга кузатилди.
Йиллар қувлашмачоқ ўйнаб ўтаверар экан. Энди Эркабой аканинг кўздан нур қочиб, қулоғи ҳам оғир тортмоқда. Лекин ҳали ўзи тетик, тиллари бурро, юзидан меҳр ёғилиб турибди. Айниқса, ҳамкасблари ташрифидан ва ИИВ Фахрийлар кенгашининг "Ўзбекистон ИИВ фахрийси" кўкрак нишони билан тақдиланганидан боши осмонга етди.
Истеъфодаги маёр Зарипбой Эшчонов хонадонининг файзи ҳам дўстлар ташрифидан янада ортди. Ноз-неъмат тўла дастурхон атрофида дилдан суҳбатлашилди. Эшчоновлар сулоласининг салкам 30 нафар вакили ҳуқуқ-тартибот идораларида фаолият кўрсатиб, шонли анъаналарга садоқатини намойиш қилиб келмоқда. Ана шундай ажойиб сулоланинг етакчиларидан бири бўлган Зарипбой оғага Ўзбекистон Республикаси ИИВ Фахрийлар кенгашининг Фахрий ёрлиғи топширилди. Шунингдек, ҳар иккала фахрийга ЙҲХБ раҳбариятининг эсдалик совғалари тақдим этилди.
Ғайрат БОЛТАБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Фахрийлар кенгаши
раиси ўринбосари, истеъфодаги полковник.
