ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш бўйича алоҳида баталъонида “Коррупсия – жамият тараққиёти кушандаси” мавзуида тадбир бўлиб ўтди. Унда Коррупсияга қарши курашиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси, Тошкент ҳарбий прокуратураси, ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ҳарбий тузилмалар бўйича бўлими ходимлари иштирок этди.

Маълумки, коррупсия демократия ва қонун устуворлиги асосларига путур етказиб, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади. Ислоҳотларга тўсқинлик қилиб, жамият тараққиётини ортга суради. Халқнинг адолатга бўлган ишончини сусайтиради. Ушбу иллатнинг катта-кичиги бўлмаганидек, мамлакат ҳам, миллат ҳам танламайди. Шу боис, бугунги кунда коррупсия хавфининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинган, Коррупсияга қарши курашиш агентлиги фаолият кўрсатмоқда.

Тадбирда таъкидланганидек, ҳар қандай давлатнинг ривожланиши давлат хизматчиларининг ватанпарварлиги, зиммасидаги масъулиятни тўлақонли англаши, садоқати ва фидойилигига боғлиқдир. Ушбу хислатларга эга бўлмаган давлат хизматчиси коррупсиядан холи бўла олмаслиги, натижада порахўрликка, мансабини суиистеъмол қилишга, пировардида ўзи ишлаб турган жой, тизимнинг обрўсизланишига сабаб бўлади. 

Тадбир якунида шахсий таркиб эътиборига коррупсия жамиятни таназзулга етаклаши, салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги юзасидан видеороликлар ҳавола этилди.

Ўз мухбиримиз.