Бугун мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш нафақат ички ишлар органларининг, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи барча ташкилотлар фаолиятининг муҳим йўналишларидан саналади. Хусусан, Навоий вилояти ИИБ бошлиғи, вилоят прокурори ҳамда Миллий гвардия Навоий вилояти бўйича бошқармаси бошлиқлари ўзаро ҳамкорликда шаҳар ҳудудида криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Бундан кўзланган мақсад Навоий шаҳри ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашишдан иборат.
“Хавфсиз тун” тадбирларини ташкил этиш жараёни, кўча ва жамоат жойларига бириктирилган ходимларнинг тунги фаолияти, шунингдек, патрул пост, профилактика инспектори ва Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида ташкил этилган навбатчилик ҳамда тезкор чақирув тугмалари фаолияти кўздан кечирилди. Ўрганишалар давомида ҳудудлардаги талабалар ётоқхонаси, кафе-бар, дорихона ва савдо дўконлари қоровуллари билан суҳбатлашилди.
Мазкур жараёнда шаҳардаги маҳаллаларда содир этилган жиноятларнинг сабаб ва омиллари, маҳалла бешлиги, яъни фуқаролар йиғини раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаолининг ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган фаолиятига эътибор қаратилди. Шунингдек, раҳбарлар ҳудуд тинчлиги ва осойишталигига масъул ходимлар фаолияти билан боғлиқ келгусида бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан ўз тавсия ва топшириқларини беришди.
Маҳлиё ХОЛОВА,
ўз мухбиримиз.
Навоий вилояти.