Катта сержант Нуриддин Солиҳов она юртимиз осойишталиги йўлида узоқ йиллардан бери самарали хизмат қилиб келаётган ходимлардан бири. У 1986 йилнинг 9 ноябр куни пойтахтимизнинг Миробод туманида таваллуд топган. 2005 йилда Тошкент автомобил йўллари коллежини, жорий йилда эса, ИИВ Академиясини муваффақиятли тамомлади.

Илк хизмат фаолиятини 2007 йили ҳозирги ИИВ Жазони ижро этиш департаменти Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати канцелярия бошлиғи лавозимида бошлаган бу йигит ўтган давр мобайнида устозларининг ёрдами билан соҳа сир-асрорларини мукаммал эгаллаб, эндиликда Тошкент шаҳар Миробод тумани ИИОФМБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими катта инспектори лавозимида фаолият юритмоқда.

Бундан ташқари, ўзининг уддабуронлиги ва ташаббускорлиги билан берилган топшириқларни ҳам ўз вақтида фидойилик билан адо этиб, барчага намуна бўлиб келяпти.

Шунингдек у ёш ходимларни она Ватанга садоқат ва меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш ҳамда хизмат интизомини мустаҳкамлашда ҳам ўзининг жонкуярлиги билан бўлим раҳбариятига яқиндан ёрдам бериб келаётир.

Шу боисдан, фаолияти давомида кўплаб маротаба рағбатлантирилиб келинаётган катта сержант Нуриддин Солиҳовнинг она Ватанимиз осойишталиги йўлидаги машаққатли хизматлари раҳбарият эътиборидан ҳам муносиб жой олмоқда.

Михли САФАРОВ,

“Постда” мухбири.