Маёр Баҳримурод Эргашев 1985 йилда Жиззах вилояти Зафаробод туманида туғилган. 2010 йилда Жиззах давлат педагогика институтини тамомлади. Соҳадаги фаолиятини 2011 йилда Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспектори лавозимида бошлаган. Айни вақтда у профилактика катта инспектори.
Баҳримурод Эргашев масъулиятли ходим сифатида шахсий таркиб ҳурматини қозонган. У ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятларни фош қилиш борасида юқори самарадорликка эришиб келмоқда. Чунончи, 2020 йилда 1 та жиноятни фош этиб, 145 та маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлади. У томонидан муқаддам судланган 4 нафар шахс устидан маъмурий назорат ўрнатилган, 8 киши мажбурий даволанишга ётқизилди. 2 фуқаро эса реабилитация қилиш марказига жойлаштирилди.
Шунингдек, маёр пандемия даврида фуқароларнинг карантин қоидаларига амал қилишини назорат қилди. Шу билан бирга, маҳалла фаоллари билан биргаликда эҳтиёжманд оилаларга самарали ёрдам кўрсатилишига эришди. Унинг ташаббуси билан 20 дан ошиқ оилага доимий равишда ижтимоий кўмак берилди. Аҳолини ишга жойлаштириш, кам таъминланган оилаларга имтиёзли кредит ва ер майдони ажратилишида фаоллик кўрсатди. Маёр Баҳримурод Эргашевнинг бу каби эзгу ишлари эътиборга олиниб, “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Жорий йилда ҳам у фидойилик билан хизмат қилмоқда. 2021 йилнинг 25 январида Шароф Рашидов тумани «Тошкентлик» маҳалла фуқаролар йиғинида содир этилган ўғирлик жиноятини иссиқ изида очишга муваффақ бўлди. Жиноятчи уй эшигининг очиқлиги ва ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, жабрланувчининг ётоқхонасидаги шкафдан 4 дона тилла узук, 1 дона қўл занжири, 1 дона билакузук ва 1 дона занжирни олиб кетганди. Профилактика катта инспектори томонидан олиб борилган тезкор қидирув натижасида ўғирлик жабрланувчининг маҳалладоши М.Х. томонидан содир этилгани аниқланди.
Ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари билан бирга аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларини мунтазам ўтказиб келаётган Баҳримурод Эргашев ички ишлар органларининг ёш ходимларига ҳар жабҳада ўрнак бўлмоқда.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Ростда” мухбири.
Жиззах вилояти.
