Катта лейтенант Ҳожиакбар Пирназаров 1987 йилда Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида туғилган. 2014 йилда Жиззах давлат педагогика институтини тамомлади. 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курсини битирди ва соҳадаги фаолиятини Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ИИБ 6-сонли ички ишлар бўлинмаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспектори лавозимида бошлади. У айни вақтда ҳам ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимида фаолият кўрсатмоқда.
Ҳожиакбар Пирназаров масъулиятли, ишчан ва самимий ходим сифатида шахсий таркиб ҳурматини қозонган. У маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда жамоатчилик фаоллари билан узвий ҳамкорликни таъминлай олди. Бу эса катта лейтенантнинг ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишида омил бўлмоқда.
Чунончи, 2020 йилда унинг хизмат ҳудудида жиноят қайд этилмади. Бу даврда у 104 нафар фуқаронинг мурожаатини кўриб чиқди. Шунингдек, 115 та маъмурий ҳуқуқбузарликни аниқлаб, 21 нафар шахсни профилактик ҳисобга қўйди.
Катта лейтенант 2020 йили пандемия шароитида фуқароларнинг карантин қоидаларига амал қилишини қатъий назоратга олди. Шунингдек, маҳалла фаоллари билан биргаликда эҳтиёжманд оилаларга самарали ёрдам кўрсатилишига эришди. Унинг ташаббуси билан 20 дан ошиқ оилага доимий равишда ижтимоий кўмак берилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида у фуқароларнинг 44 та мурожаатини ўрганиб чиқди. 45 та маъмурий ҳуқуқбузарликни аниқлади. 12 кишини профилактик ҳисобга қўйди. Қолаверса, 2021 йилнинг 2 апрелъ куни унинг сергаклиги туфайли жиноят фош этилди. У Ғаллаорол тумани «Кўкбулоқ» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги мол бозорида ўзини шубҳали тутаётган, мол ўғирлаб сотаётган шахсни қўлга олди.
Ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари билан бирга аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларини мунтазам ўтказиб келаётган Ҳожиакбар Пирназаров ҳар жабҳада ёш ҳамкасбларга ўрнак бўлмоқда.
Ўткир НИЗОМОВ,
Жиззах вилояти ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасининг муҳим топшириқлар бўйича инспектори,
катта лейтенант.
