Иззат Мирзаэв 1989 йилда Ромитан туманининг Боғисайдон маҳалласида туғилган. У Бухоро давлат университетининг тарих факулътетини тугатгач, уч йил ўзи туғилган тумандаги 22-умумтаълим мактабида ҳуқуқшунослик фанидан ўқувчиларга сабоқ берди. Ички ишлар органларидаги фаолиятини Бухоро шаҳар Ииофмбда профилактика инспектори лавозимида бошлади. 2020 йил 30 декабрдан буён 2-сонли ИИБ ҲПБ профилактика катта инспектори лавозимида самарали фаолият кўрсатиб келяпти.

Катта лейтенант И. Мирзаэв шаҳар марказида жойлашган “Биҳиштиён” маҳалла фуқаролар йиғинининг 2340 нафар аҳолисига камарбаста бўлиб, уларнинг тинч-тотув ва фаровон яшашларини таъминлашда қўлдан келганча хизматини аямаяпти. Шу боис ҳам маҳаллада ўтган ойлар давомида жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилмади. 

Ҳудудда тинч-тотувликни таъминлашда маҳалла фаоллари, жамоатчилик, кўпни кўрган оқсоқолу онахонлар билан ҳамжиҳатликда ишлар олиб бориляпти. Айниқса, уларнинг панду насиҳатлари оила турмуш доирасидаги муаммолар ечимида қўл келяпти. 

Жорий йилнинг 3 май куни тахминан соат 10:00. ларда Бухоро шаҳар Файзулла Хўжаэв номли маҳаллада яшовчи, 51 ёшли аёл турли ички кечинмалар таъсирида, руҳиятида келиб чиққан ўзгаришлар сабабли, шаҳарнинг Иброҳим Мўминов кўчасида жойлашган саккиз қаватли қурилиши тугалланмаган бинонинг 8-қаватидан ўзини пастга ташлаб жонига қасд қилмоқчи бўлганда, воқеа жойига тезкорлик билан етиб келган катта лейтенант И. Мирзаэв у билан психологик тушунтириш ва музокара ишларини олиб борди. Осойишталик посбонининг ўз вақтида кўрган кечиктириб бўлмас чора-тадбирлари натижасида ушбу нохуш якун топиши мумкин бўлган ҳолатнинг олди олинди ҳамда аёлнинг ҳаёти қутқариб қолинди.

Аёлга шаҳар ИИОФМБ хотин-қизлар билан ишлаш бўйича бўлими, психологлар гуруҳи психолог ходимлари ва бошқа мутасадди идоралар масъуллари томонидан тиббий-психологик ёрдам кўрсатилди. Айни пайтда воқеа сабаблари ўрганилмоқда.

Қисқаси, лавҳамиз қаҳрамони ўз касбини севади, зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан бажаради. Шунинг учун ҳам ҳамкасбларининг ҳурматини қозонган ва ундан ўрнак олишга ҳаракат қилиб келишмоқда. 

Мирзоқул АҲАДОВ,

“Постда” мухбири.

Бухоро вилояти.