Шерзод Райимбердиэв ички ишлар органларидаги хизмат фаолияти 2013 йилда бошлаган. 2017 йилдан буён Фарғона вилояти Бешариқ тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспектори сифатида фаолият кўрсатмоқда.
Катта лейтенант Ш. Райимбердиэв ўз хизмат вазифасига сидқидилдан ёндашиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фош этишда фаол иштирок этмоқда.
Масалан, яқинда туманнинг Капаянги қишлоғидаги бир неча савдо дўконларида кетма-кет ўғирлик жинояти содир бўлди. Номаълум шахслар савдо дўконларининг эшигини бузиш йўли билан очиб, пул, пайнет чеклари ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотларни ўғирлаб кетишади.
Энг ажабланарлиси, ўғрилар ушбу савдо дўконларидаги кузатув камераларининг хотирасини ҳам ўзлари билан олиб кетишади.
Ушбу жиноятни фош этишда туман ИИБ ЖҚБ ва бошқа бир қатор соҳавий хизмат ходимларнинг ҳиссаси катта бўлди. Шу билан бирга, қаҳрамонимиз – катта лейтенант Шерзод Райимбердиэв ҳам профессионал касбий маҳоратини намойиш этиб, ўғриларнинг шахсини аниқлашда жонбозлик кўрсатди.
Юқорида таъкидланганидек, савдо дўконини ўмарган номаълум шахслар у ердан пайнет чекларини ҳам ўғирлашган эди. Шерзод Райимбердиэв ана шу чекларга эътибор қаратди ва қачондир шу чеклар орқали калаванинг учи топилишига ишонди ҳамда иизланишлар олиб борди. Натижада жиноят фош этилиб, гумондорлар қўлга тушди. Жиноятни 3 нафар вояга етмаган шахс гуруҳ бўлиб содир этишган экан.
Дастлабки тергов ва суриштирувларда ушбу гуруҳ туман ҳудудида содир бўлган яна бир қатор ўғирлик жиноятларига алоқадор эканлиги ойдинлашди. Ҳозирда тўпланган ҳужжатлар бўйича туман ИИБ тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Абдувосит СИДИҚОВ,
“Постда” мухбири.
Фарғона вилояти.
