Сариосиё туманида 61 та маҳалла бор. Уларда 104 172 нафар хотин-қиз истиқомат қилади. Рақамлардан кўриниб турибдики, туман ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторга улар билан ишлаш, аёлларнинг муаммоларини ўрганиш, хонадонларда юришнинг ўзи бўлмайди. Туман ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, лейтенант Насиба Мажитова ёш ходим бўлишига қарамай, бу мушкул вазифани уддалаяпти.
Туманда “Аёллар дафтари”га 1102 нафар хотин-қизнинг рўйхати киритилган бўлиб, жорий йил давомида 3-сектор ҳудудидаги хотин-қизларнинг 6 нафарига тадбиркорлик қилиши учун имтиёзли кредит олиб берилди. 15 нафари эса касб-ҳунарга ўқитилди. 12 нафари тиббий кўрикдан ўтказилиб, бепул дори-дармон воситалари билан таъминланди. Яна 38 нафар хотин-қизга моддий ёрдам кўрсатилди.
Бу амалий ишларда қаҳрамонимизнинг саъй-ҳаракатлари бор. Қолаверса, унинг ёрдами билан ўтган уч ой ичида 20 та ажрим ёқасида турган оила яраштирилди. Низоли оилаларда яшовчи 62 нафар аёлга ҳимоя ордери берилиб, бу оилаларда тинчлик ўрнатилди.
Насиба Мажитова ўз хизмат вазифасига масъулият ҳис қилган ҳолда ёндашаётганини мана шу натижалардан ҳам сезиш қийин эмас. Шунингдек, қаҳрамонимиз хонадонлар билан ҳам яқин алоқа ўрнатиб, мунтазам равишда низоли оилаларда профилактик суҳбатлар олиб бормоқда. Ғайратли ёш ходиманинг бундан кейинги фаолиятида ҳам ижобий натижаларга эришишини истаймиз.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
“Постда” мухбири.
Сурхондарё вилояти.
