Кун қаҳрамони
ЎЗ КАСБИНИНГ УСТАСИ
Ички ишлар органларининг турли соҳаларида хизмат итларидан самарали фойдаланилмоқда. Тўрт оёқли кўмакчиларни муайян соҳа учун тайёрлаш эса кўп жиҳатдан кинологнинг сабр-чидами, тажрибаси ва маҳоратига боғлиқ. Бугунги лавҳамиз қаҳрамони ИИИ даражали сержант Наврўз Аслонов ана шу хислатларнинг барчасига эга. У ўз касбининг устаси.
Наврўз Аслонов 1990 йилнинг 21 март куни Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида таваллуд топган. Айтиш мумкинки, исми ўзи билан бирга туғилган. ИИВ Қоровул қўшинлари сафига 2011 йилда қабул килинган. Ҳозирда 7532-ҳарбий кисм 2-баталон хизмат итлари бўйича мутахассис, секция командири лавозимида хизмат килиб келмокда. Баталондаги хизмат итларини парвариши ва саломатлигини шахсан ўзи назорат қилади. Жониворлар билан турли амалий машғулотлар ўтказади.
Дарвоқе, у садоқатли кўмакчилари билан бирга турли танлов ва мусобақаларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритган. Жумладан, ИИВ Қоровул қўшинлари кинологлари ўртасида ташкил этилган кўпкураш мусобакасида қаҳрамонимиз “Лакки” лақабли хизмат ити билан иштирок этиб, портловчи моддаларни тезкорлик билан қидириб топиш йўналишида фахрли 2-ўринни эгаллади. Гиёҳвандлик воситаларини қидириб топиш йўналиши буйича бўлиб ўтган яна бир мусобақада эса мутлақ ғолиб деб топилди. Шу йил ИИВ Қоровул қўшинлари ҳарбий қисмлари ўртасида бўлиб ўтган мусобақада “Зеси” лақабли хизмат ити билан иштирок этиб, портловчи моддаларни қидириб топиш, тартиббузарларни ушлаш, объэктга ноқонуний киришга юл қўймаслик шартларини моҳирона бажариб, ҳақли равишда 1-ўрин соҳибига айланди.
Маҳлиё ХОЛОВА,
“Постда”мухбири.
Навоий вилояти.
