Подполковник Аҳмаджон Нурматов 1966 йилда Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида туғилган. Жиззах давлат педагогика институтини тамомлаган. Соҳадаги фаолиятини 1991 йилда Жиззах шаҳар ички ишлар бўлимида эксперт-криминалистика гуруҳи эксперти лавозимида бошлаган. Шундан буён мазкур тизимда фаолият кўрсатмоқда. Айни вақтда Жиззах шаҳар ИИОФМБ эксперт-криминалистика бўлинмасининг бошлиғи. 

Аҳмаджон Нурматов Жиззах вилояти ички ишлар органлари эксперт-криминалистлари орасида энг яхшиларидан бири саналади. Самимий, камтарин ва масъулиятли бу инсон шахсий таркибда катта ҳурмат қозонган. У дактилоскопик, трасологик, портрет ҳамда совуқ қуроллар экспертизаларини ўтказиш рухсатномаларига эга. 2020 йилда жиноятларга оид 397 та тадқиқотлар ўтказган. Бундан ташқари, 5920 та тезкор қидирув, 411 та воқеа жойларини кўздан кечириш ҳамда 348 та тергов ҳаракатларида қатнашди ва шахсан унинг саъй-ҳаракати билан 5 та жиноят фош қилинди.

2021 йилнинг ўтган даврида эса 150 дан ортиқ текшириш тадқиқотлари ўтказди. Бу вақтда 181 та тезкор қидирув, 110 та воқеа жойни кўздан кечириш ва 81 та тергов ҳаракатларида қатнашди ва бир қатор жиноятларни очишга муваффақ бўлди. Жумладан, 2021 йилнинг 16 мартида Жиззах шаҳрининг Оққўрғонлик маҳалласида содир этилган босқинчиликни фош қилди.

Жиноятчилар хонадонда бўлган 2 кишини қаттиқ жисмлар билан калтаклаб, оғир жароҳатлар етказишган. Улар уйдаги сейфнинг эшигини бузиб, 60 миллион сўм ва 20 минг Ақш долларини олиб кетишди. Тергов-тезкор гуруҳи таркибида воқеа жойини кўздан кечирган подполковник Аҳмаджон Нурматов бир қанча бармоқ излари нусхасини олди. Бу изларнинг қарийб ҳаммаси хонадон эгаларига тегишли бўлиб чиқди. Фақат битта бармоқ изининг кимга тегишли эканлиги номаълум эди.

Узоқ давом этган дактилоскопик таққослаш ниҳоят ўз натижасини берди. Из Шароф Рашидов тумани Раваллиқ маҳалласида яшовчи Э.М.га тегишли бўлиб чиқди. Шу асосда жиноятчиларнинг шахсига аниқлик киритилди ва улар тезда қўлга олинди. 

Подполковник Аҳмаджон Нурматов хизмат фаолияти давомида 36 маротаба рағбатлантирилган.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

“Ростда” мухбири.

Жиззах вилояти.