ИИВ Хоразм академик лицейида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини ўрганиш бўйича тарғибот тадбири ўтказилди. 

Таълим муассасаси ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этган мазкур тадбирни лицей директори, маёр Л.Яқубов очиб, мазкур қарор юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Йиғилишда вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғининг ўринбосари, подполковник Д.Боғибекова иштирок этиб, мазкур қарор нафақат ички ишлар органлари фаолиятида, балки давлат ва жамият тараққиётида ҳам муҳим ўрин тутишини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, қарорда ИИВ академик лицейлари битирувчилари учун ИИВ Академиясида “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти” ва “Тезкор-қидирув фаолияти” бакалавриат таълим йўналишларига тўлов-контракт асосида 200 нафаргача қўшимча ҳар йиллик қабул квотасини киритиш белгиланганлиги, лисейларда ўқув-тайёрлов марказларини ташкил этган ҳолда ўқувчи ва фуқаролар учун ихтиёрийлик асосида қўшимча ўқув машғулотларини ўтказиш бўйича пуллик таълим хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи берилганлигини айтиб ўтди. 

Тарғибот тадбирида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича тушунтиришлар берилди.

Худойберган ЖАББОРОВ,

“Постда” мухбири.

Хоразм вилояти.