22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни

Ички ишлар органларида сидқидилдан хизмат қилиш, Ватан, халқ олдидаги масъулиятли бурчни оқлаш, соҳанинг жонкуяр ходими сифатида иззат-икром билан нафақага чиқиш... Барча осойишталик посбонларининг орзуси бўлган бундай шарафга етишишнинг замирида машаққатли хизмат ётади, албатта. Ўз ишига виждонан ёндашиб, халқнинг ишончи ва обрў-эътиборини қозониш чинакам фидойиликни, сабр-тоқатни, турли машаққатларга матонат билан бардош беришни талаб этади. 

Навоий вилояти ИИБ тизимида 25 йилдан ортиқ вақт мобайнида хизмат олиб борган истеъфодаги маёр Олим Саидов ана шундай шарафга муяссар бўлган инсонлардан биридир. У ички ишлар органларидаги фаолиятини 1992 йилда Қизилтепа тумани Иибда участка нозири вазифасида бошлаган эди. 2006 йилда профилактика инспекторлари ўртасида ўтказилган кўрик-танловнинг Республика босқичида “Жасорат кўрсатган профилактика инспектори” номинацияси ғолиби бўлган. 2007 йилда хизматда эришган ютуқлари учун “Жасорат” медали билан тақдирланган. 

 Нафақага чиққанидан сўнг ҳам лавҳамиз қаҳрамони қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. 2019 йилда Қизилтепа тумани “Ванғози” МФЙ раислигига сайлангач, тўплаган бой билим ва тажрибаси унга жуда асқатди. Шундан буён ўтган давр ичида маҳалла ҳудудида бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. Ажрим ёқасига келиб қолган бешта оиланинг муаммоларини маҳалла фаоллари билан бирга ўрганиб чиқиб, ҳал этди. “Темир дафтар”га киритилган барча оилаларнинг меҳнатга яроқли аъзоларини иш билан таъминлашга эришди. Доимо одамларнинг дарду ташвиши билан яшагани учун уни маҳалладошлари ҳурмат билан “Маҳалла виждони” дейишади.

Олим ака турмуш ўртоғи Матлуба опа билан бирга тўрт нафар фарзандни вояга етказди. Улардан Азизжон болалигидан отасига ўхшаб ички ишлар органи ходими бўлишни орзу қиларди. Йиллар ўтиб, бу орзу қатъий мақсадга айланди. Бугунги кунда капитан Азизжон Саидов отасининг ишини шараф ва садоқат билан давом эттирмоқда.


Дилрабо АБДУҲАМИДОВА, 

сафдор.

Навоий вилояти.