Кун қаҳрамони
1978 йилда Пахтаобод туманида туғилган. Тошкентда ўрта махсус ёнғин-техник мактабини тугатиб қайтгач, Андижон шаҳри ИИБ қўриқлаш бўлинмасининг техник қўриқлаш пулти бошлиғи сифатида фаолият юрита бошлади. М. Аҳмадалиев 2000 йилдан буён Пахтаобод тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимида хизмат қилади. Бир неча йил олдин маёрни қарийб 6 минг нафарга яқин аҳолиси бўлган Мустақиллик маҳалласига катта профилактика инспектори этиб тайинлашди.
… Оқшом маҳали «Пайнет» дўкончаси соҳиби Убайдулло Якубов катта профилактика инспектори, маёр М. Аҳмадалиевга мурожаат қилиб, ярим соат олдин дўкон эшигини очиқ қолдирган ҳолда ташқарига чиқиб кетганида кимдир унинг йўқлигидан фойдаланиб, ноутбукини ўғирлаб кетганини билдирди.
Маёр ўнлаб гувоҳларни сўроқлаб, қўшни дўконда ўрнатилган видеокузатув камераси ёзиб олган қайдларни ўрганиб чиқди. Унда дўкончадан ноутбук кўтариб чиқиб кетаётган йигит тасвирланган эди. Гувоҳлар ёрдамида унинг шахси аниқланди. Ўғри қўшни маҳаллада истиқомат қилувчи 35 ёшли А.Д. бўлиб чиқди. Катта профилактика инспектори шу заҳотиёқ унинг уйи томон йўналди. Ўғри ноутбукни беркитишга улгурмаган эди, шу сабабдан ички ишлар органлари ходимига кўзи тушиши билан ортиқча гап-сўзсиз ўғирланган нарсани қайтаришга қарор қилди.
Хизмат йиллари давомида маёр Мирфайзулло Аҳмадалиев бир қатор муносиб шогирдларни тарбиялашга эришди. Қўшни ҳудудларда хизмат қилувчи, ҳар бир ишда устозидан ёрдам ва маслаҳат олишни одат қилган профилактика инспекторлари, капитан Руслан Ҳакимов, катта лейтенант Азамат Тиркашев, лейтенантлар Азизбек Муҳитдинов, Рустам Қодиров ва Туланбой Араббаев шулар жумласидандир.
Борис КЛЕЙМАН.
Муаллиф олган сурат.
