Қадимдан халқ орасида кенг қўлланиб келинган ва инсон саломатлиги учун фойдали маҳсулот сифатида тан олинган думба ёғи таркибида А, В, Д, Е, К витаминлари, калий, магний, мис, рух, фосфор ва бошқа минераллар бор. Кўпгина фойдали хусусиятларга эга бўлган бу кўринишдаги ёғ кўзлар учун жуда фойдали. У мия фаолиятини яхшилайди, қонда қанд миқдорини меъёрга солади, қон айланишини рағбатлантиради, иммунитетни оширади, қариш жараёнини секинлаштиради ва ҳатто радиация­дан ҳимоя қилади.

Ушбу маҳсулот модда алмашинуви, асаб ва юрак-қон томир тизимлари, тери ҳолати учун зарур бўлган фойдали ёғ кислоталарига бой. Бошқа ёғларга қараганда холестерин миқдори кам бўлган думба ёғи тез ҳазм бўлади ва ўзлаштирилади. Унинг истеъмоли бўғим касалликларининг олдини олишга, респиратор касалликларини даволашга ёрдам беради. Танамизни зарарли вирус ва бактериялардан ҳимоя қилади, асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатади, соч ва тирноқлар ҳолатини яхшилайди, юқумли касалликлардан кейин организмнинг тикланиши ва мус­таҳкамланишига ҳисса қўшади.

Бироқ ижобий натижаларни фақат эскирмаган ва сифатли думба ёғи бера олишини унутмаслик керак. Ҳар қандай маҳсулот каби, унинг ҳам истеъмолини меъёрдан оширмаган маъқул. Акс ҳолда, танамизга фойда ўрнига зарар келтириб қўйишимиз мумкин. Сурункали касалликлар билан оғриган, ўт қопи, жигари, ошқозонида муаммоси бўлган, шунинг­дек, ортиқча тана вазнига эга кишилар қўй ёғини шифокор ва мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда истеъмол қилгани маъқул.

 

Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.