Фарғона вилоятининг Риштон тумани азалдан моҳир кулоллари, ажойиб сопол буюмлари, қандак ўрикларию девзира гуручи билан шуҳрат қозонган.
Эътиборлиси шундаки, Риштонда кулолчилик буюмларини пишириш ва ишлов беришнинг бетакрор ва ўзига хос технологияси яратилган бўлиб, бу усуллар минг йиллар давомида ардоқлаб келинмоқда. Риштон кулоллари томонидан тайёрланган маҳсулотлар ўзининг дизайни, табиий ранги ва қалампир нусхали нақшларга бойлиги билан ажралиб туради. Ҳозирда туманда юзлаб моҳир кулоллар меҳнат қилади ва улар яратган санъат асарлари дунёдаги турли музейлар коллекциясига киритилган.
Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси Бахтиёр Назиров ўз услуби ва йўналишига эга ҳунармандлардан бири саналади. У қадимий ва анъанавий «Ишқор» услубида сопол буюмлар ишлаб чиқариш ва безашда бой амалий тажриба соҳибидир.
Моҳир кулол кўплаб кўрик-танлов ва фестивалларда иштирок этиб, катта ютуқларни қўлга киритиб келяпти. Жумладан:
– «Ташаббус-2003», «Ташаббус-2010» танловларининг совриндори;
– 2012 йили Россиянинг Калуга шаҳрида ўтказилган «Этномир» ҳунармандчилик фестивалида «Эски анъаналарни сақлаш» номинациясида фахрли 2-ўрин соҳиби;
– 2014 йили Москва шаҳрида ўтказилган «Ладя» фестивали ғолиби;
– Красноярск, Новосибирск, Екатеринбург, Томск шаҳарларида кулолчилик йўналишида ўтказилган фестиваллар совриндори;
– 2016 йилдан бери ҳар йили Япониянинг Мамико шаҳрида япон ва риштонлик кулоллар ҳамкорлигида ташкил этиладиган кўргазманинг асосий иштирокчиларидан;
– 2018 йилдан буён Россия Федерацияси Рязан вилоятининг Скопин шаҳрида бўлиб ўтадиган кулолчилик фестивали доимий қатнашчиси ҳамда 2021 йилда шу кўргазмада «Маэстро» унвони соҳиби.
