Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, учинчи сектор раҳбари иштирокида Фарғона шаҳрида жойлашган “Ишга марҳамат” мономарказида халқ билан мулоқот ва сайёр қабул ташкил этилди.

Сайёр қабул аввалида сектор раҳбари аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва турли корхона-ташкилотлар вакиллари фаолиятига оид кўргазмалар ҳамда тақдимотлар билан танишди.

Шу куни сайёр қабулга Фарғона шаҳри ва шаҳар-туманларда истиқомат қилувчи фуқаролардан 65 та мурожаат келиб тушди. Сектор раҳбари ҳар бир мурожаатда кўтарилган масалаларнинг туб моҳиятига кириб боришга ҳаракат қилди.

Таҳлилларга юзланадиган бўлсак, 6 нафар фуқаро ички ишлар органларига ишга кириш, 5 нафар фуқаро тайинланган жазодан шартли озод қилиш, 8 нафар фуқаро моддий ёрдам олиш, 2 нафари тўлов контракт пулларини тўлашда ёрдам бериш, 4 нафари йўлларда автомашина ҳаракати тезлигини чеклаш, 2 нафари даволаниш, 2 нафари иш билан таъминлаш, 3 нафари электр энергияси, 2 нафари газ таъминоти юзасидан мурожаат қилдилар.

Мурожаатларнинг 21 таси жойида ижобий ҳал этилди. 13 нафар аёлга тикув машинаси, иш билан банд бўлмаган ёшларга эса 3 та пайвандлаш ускунаси, 2 та комъпютер, 1 та компрессор, 1 та электр печи субсидия асосида тақдим этилди.

Абдувосит СИДДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.