Соҳа фидойиси

Узоқ йиллар ички ишлар органлари сафида фидокорона хизмат қилиб, истеъфога чиққанидан сўнг ҳам инсонларга нафи тегиб келаётган фахрийларимиз кўпчиликни ташкил этади. 

Косонсой тумани ИИБ Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги маёр Жаҳонгир Муродов фахрийларни қўллаб-қувватлаш, уларни маънавий-маърифий тадбирларга жалб этиш ишларига бош-қош бўлиб келмоқда. 

Туманда ички ишлар соҳасида ишлаб, ҳозирда пенсияга кузатилган фахрийлар сони 204 нафарни ташкил этади. Байрамлар арафасида туман ички ишлар бўлими раҳбарияти, аввало, беморлар, моддий ва маънавий кўмакка муҳтож бўлиб қолганлар хонадонига йўқловлар уюштиради. Бундай пайтда Жаҳонгир аканинг зиммасидаги масъулият янада кучаяди. Ишлар ўзаро суҳбат, хонадонма-хонадон ўрганишлар чоғида аниқланган ҳолатлар асосида ташкил этилаётганидан фахрийлар ҳам миннатдор. Туман Иибда ўтказиладиган уч авлод учрашувлари, маънавият тадбирлари ИИВ фахрийларининг босиб ўтган шарафли ҳаёт йўли ҳақидаги ҳикоялар билан янада файзли ўтади.

Албатта, муносиб меҳнат эътирофга лойиқ. Жаҳонгир Муродов Ички ишлар вазирининг жорий йил 7 май кунги тегишли буйруғи билан “Ички ишлар органларининг фахрий ходими” кўкрак нишони ва эсдалик совғаси билан тақдирланди. 

Гулчеҳра Бувамирзаева, 

ўз мухбиримиз.

Наманган вилояти.