Бугун фуқароларнинг мурожаатлари сектор раҳбарларининг диққат марказида. Навоий шаҳридаги “Матонат”  маҳалласида вилоятнинг 3-сектор раҳбари томонидан ўтказилган навбатдаги сайёр қабули чоғида ҳам аҳолининг кўплаб муаммоларига ечим топилди. 

Жумладан, шу маҳаллада уй боғчаси ташкил этиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган Саёҳат Холиқова боғча ўйингоҳини безатиш ва жиҳозлаш учун имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам сўради. Унинг мурожаати жойида ҳал этилди – 33 млн сўм миқдоридаги имтиёзли кредит расмийлаштириб берилди. “Ғалаба” шоҳкўчаси чорраҳасидаги светафор носозлиги туфайли неваралари қийналаётганини айтган Мавлуда Худойқулованинг мурожаатига ҳам шу куннинг ўзида ечим топилди. Вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимларининг саъй-ҳаракатлари туфайли светафор тузатилди. Навоий шаҳрида 15 йилдан буён истиқомат қилаётган Николай Мелников Россия давлатида туғилган ўғлига Ўзбекистон Республикаси шахс гувоҳномаси (ИД карта) олишда амалий ёрдам сўради. Бу борада вилоят М ва ФРБ раҳбариятига топшириқ берилди. 

Шунингдек, қабулда ишсизлик, ижтимоий ёрдам ва тиббий ёрдам масалалари бўйича мурожаатлар тингланиб, бажарилиши юзасидан тегишли ташкилотларга йўналтирилди. 

Маҳлиё ХОЛОВА,

“Постда” мухбири.

Навоий вилояти.