Қўқон шаҳрида ички ишлар органлари ҳамда Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида тақиқланган дори воситалари савдоси билан шуғулланаётган шахс қўлга олинди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири ўзининг “Фаcебоок”даги саҳифасида Қўқон шаҳридаги хонадонлардан бирида психотроп моддалар сирасига кирувчи дори воситалари сотилаётганлиги ҳақида хабар қолдирган эди. Жорий йилнинг 29 ноябр куни мазкур хабарга ойдинлик киритиш мақсадида Қўқон шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлими ҳамда Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилганида, чиндан ҳам хонадон эгалари хуфёна тарзда шундай фаолият тури билан шуғулланаётганлиги маълум бўлди.

Тадбири давомида фуқаро У.А. харидорга 300 минг сўм пул эвазига 2 дона флаконда “Тропикамид 10 мл” ва 3 дона “Лирика” ёзувли таблеткаларни вояга етмаган қизи орқали сотган вақтда яшаш хонадони олдида қўлга олинган.

Фуқаронинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида 19 дона флаконда “Тропикамид 10 мл” ва 18 дона “Лирика” ёзувли таблеткалар, 1 дона пичоқ ҳамда 1 дона бита топилган.

Вилоят ИИБ Ахборот хизматининг хабар қилишича, ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИБ ходимлари томонидан қўшимча суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.