Сурхон воҳасининг олис Бойсун тумани пурвиқор тоғлар билан қопланган гўзал масканлардан. Тоғли ҳудудда яшовчи аҳолининг бир қисми тарқоқ ҳолда яшаши, тоғ йўлларининг баландлик, нишабликлардан иборат экани профилактика инспекторлари хизмат олиб боришида бироз ноқулайлик туғдирарди. Ушбу ноқулайликни бартараф этиш, профилактика инспекторларининг узоғини яқин қилиш мақсадида уларга хизмат отлари берилди.
Бойсун тумани ички ишлар органлари тизимида олиб борилаётган ишларни кўздан кечириш ҳамда соҳа фидойиларини рағбатлантириш мақсадида тумандаги “Болалар” истироҳат боғида тадбир ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Б.Абдуллаэв, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник А.Исмоилов, Бойсун тумани ҳокими А.Жўраэв ва бошқалар иштирок этди.
Тадбирда тоғли ҳудудда хизмат олиб бораётган 7 нафар прфилактика инспекторига илк бор хизмат отлари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, 19 нафар профилактика инспекторига замонавий компъютер жамланмалари берилди. 9 нафар профилактика инспектори эса намунали хизмат олиб боргани учун ташаккурнома ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
– Тумандаги узоқ тоғли ҳудудлардан бири бўлган Ҳунармандлар маҳалласида хизмат олиб бораман, – дейди профилактика катта инспектори, капитан Фарҳод Мўминов. – Бизга тақдим қилинган хизмат отлари маҳалла ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда, уларнинг муаммоларини ўрганишда яна бир қулайлик яратди.
Шу куннинг ўзида ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан воҳа ҳудудларида хизмат ўтаётган профилактика инспекторлари учун ўқув ташкил этилди. Унда Бойсун тумани профилактика инспекторлари билим ва малакасини мустаҳкамлашди.
Тадбир давомида меҳмонлар миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмасини томоша қилишди. Унда миллий чолғу асбоблари, каштачилик, гиламдўзлик, кулолчилик намуналари намойиш қилинди. Шундан сўнг туман ҳудудида истиқомат қилаётган 16 ёшга тўлган йигит-қизларга ИД-карталари топширилди, бадиий китоблар совға қилинди.
Тадбир иштирокчилари тумандаги “Омонхона” соғломлаштириш масканида хизмат ўтаётган вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан фуқаролар ва сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишишди.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
“Постда” мухбири.
Сурхондарё вилояти.
