Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш департаментининг 2-минтақавий ҳудуд 10-сон тергов ҳибсхонаси шахсий таркиби, уларнинг ота-оналари ҳамда фахрийлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, ходимларнинг ота-оналари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган тадбирда департаментнинг 2-минтақавий мувофиқлаштириш маркази бошлиғи, подполковник Аъзам Отаходжаэв ички ишлар органлари ходимлари ўртасида учраб турган айрим салбий иллатлар ва хизмат интизомига риоя этмаслик ҳолатлари ҳақида сўз юритди. Бундай ҳолатларнинг олдини олишда ота-оналарнинг роли муҳим эканлиги, улар фарзандининг юриш-туриши, хулқидаги ўзгаришлардан, ишхонасидаги янгиликлардан хабардор бўлиб туриши кераклиги таъкидланди.
Жумладан, 10-тергов хибсхонаси бошлиғи, маёр Жўрабек Саминжонов, Фарғона вилояти ИИБ Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Араббой Усмонов ҳамда Фарғона шаҳар имом ноиби Лазизбек Суярқуловлар ҳам сўз чиқиб, Ватанга муҳаббат, касбга садоқат, фуқаролар билан муомала маданияти, ҳалоллик ҳамда ота-она масъулияти каби тушунчалар ҳақида сўз юритди.
Тадбирда шахсий таркиб орасида намунали хизмат қилиб, касбдошларига ўрнак бўлаётган ходимларнинг шарафли меҳнати ҳам эътироф этилди. Бир гуруҳ фидойи ходимлар ҳамда уларнинг ота-онасига 2-минтақавий мувофиқлаштириш маркази раҳбари ҳамда 10-тергов ҳибсхонаси бошлиғининг ташаккурномалари тантанали равишда топширилди. Яхши фарзанд ўстиргани учун уларга раҳмат айтилди.
Тадбирда иштирок этган она-оналар самимий ҳамкорлик ва кўрсатилган эътибор учун ҳибсхона раҳбариятига миннатдорлик билдиришди.
Абдувосит СИДИҚОВ,
“Постда” мухбири.
Фарғона вилояти.
