Кун қаҳрамони


У 1980 йилнинг 3 август куни Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида туғилган. 2003 йилда Тошкент олий ҳарбий-техника билим юртини тамомлаган. Илк фаолиятини Қарши шаҳри ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда гуруҳ командири лавозимидан бошлаган.

2013 йилда Андижон шаҳридаги ҳарбий қисм командирининг таъминот бўйича ўринбосари лавозимида фаолиятини давом эттирди. Айни пайтда Бухоро вилоятидаги ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли ҳарбий қисм командирининг ўринбосари лавозимида самарали хизмат қилиб келмоқда. У шартнома асосидаги ҳарбий хизматчиларга ҳамда шахсий таркибга қулай шарт-шароитлар яратиш йўлида тинимсиз ҳаракатда. Озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда кийим-кечак буюмларини ўз вақтида етказиш, тозалик ва коммунал тўловларни назорат қилиш осон иш эмас. Қолаверса, Бухоро ҳарбий маъмурий сектори раҳбарияти ҳамкорлигида қисмда амалга оширилаётган қурилиш ишларида ҳам ўз ўрни бор. Бундан ташқари, ҳарбий қисмнинг ер майдонларини ободонлаштиришда, кўкаламзорлаштиришда ҳам муносиб ҳисса қўшаяпти.

Интилувчан, меҳнаткаш, фидойи лавҳамиз қаҳрамони бир неча бор ҳукуматимиз томонидан муносиб мукофотланди. 2014 йили “Содиқ хизматлари учун” медали, 2017 йили “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги” ҳамда яқинда Ички ишлар органлари ходимлари куни арафасида “Қўшин аълочиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Акмал Мажитов ҳаётида нимагаки эришган, қандай ютуқларни қўлга киритган бўлса, ҳаммаси учун, биринчи навбатда ота-онаси, устозларидан бир умр миннатдор.

Мирзоқул АҲАДОВ,

 “Постда” мухбири.

Бухоро вилояти.