Қашқадарё вилояти Иибда вилоят ИИБ Пробасия бўлими ва унинг жойлардаги бўлинмалари вакиллари иштирокида жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда пробасия хизмати ва унинг жойлардаги бўлинмалари ҳисобида назоратда турган шахсларни тарбиялаш, иш билан таъминлаш, улар томонидан оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 14-февралдаги тегишли қарори билан пробасия назоратидаги шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича мутасадди идораларнинг ҳамкорлик механизми аниқ белгилаб берилган. Вилоятдаги аксарият мутасадди идоралар томонидан пробасия бўлинмалари ҳисобида турган шахсларга амалий ёрдам кўрсатиш ишлари қарор талаби даражасида эмаслиги қайд этилди.
Назоратда турган шахслар билан мунтазам профилактик ишлар олиб борилишига қарамасдан, қайта жиноят содир этиш ҳолатлари учраётгани танқид қилинди. Натижада бошқарма Пробасия бўлимида назоратда туриб, амалдаги қонун талабларини бузган назоратдаги шахсларнинг жазо тури жиноят ишлари бўйича суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этишга алмаштирилди.
Йиғилишда фаолиятда камчиликларга йўл қўйган мутасадди ташкилотлар масъуллари олдига аниқ вазифалар қўйилиб, келгусида амалга ошириш лозим бўлган вазифалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Содиқ РАҲИМОВ,
“Постда” мухбири.
Қашқадарё вилояти.
