Ватан туйғуси кишига она сути ва меҳри билан ўтади. Маънавий комил инсонгина ўз юртини севиб, ардоқлайди, тупроғини муқаддас билиб, бегона кўзлардан ҳимоя қилади. Муборак ҳадисларда ҳам Ватан ҳимояси йўлида бажарилган ишлар хайрли эканлиги айтилган.

Ички ишлар вазирлиги Академиясида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти билан ҳамкорликда ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда ҳам эл-юрт равнақи, халқ фаровонлиги учун хизмат қилишнинг аҳамияти ҳақида сўз борди. 

– Мўътабар диёримизда униб-ўсган ҳар бир киши учун она Ватанимизнинг қадру қимматини улуғлаш муқаддас амал бўлмоғи керак, – дейди Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори, исломшунос олим Уйғун Ғафуров. – Юрт тақдирига бефарқлик билан қарашни динимиз ҳам оқламайди. Таълим-тарбияни тўғри йўлга қўймоқчи бўлсак, аввало, фарзандларимизни болаликдан мард ва фидойи этиб камол топтиришимиз лозим. 

Тадбирда буюк аждодларимиз юрт шаъни ва ор-номуси учун мардонавор курашгани, Ватан тинчлиги ва осойишталиги учун қилинган қасамёдга содиқ қолиш, касбга садоқатни намоён этиш, мамлакатимиз тараққиёти учун юракда дахлдорлик туйғуси билан яшаш чинакам жасорат эканлиги эътироф этилди. Интернет тармоғи орқали тарғиб қилинаётган мафкуравий ёт ғоялар, дин ниқоби остидаги ғайриисломий ақидалар ёшларни тўғри йўлдан адаштирмаслиги борасида тавсиялар берилди. 


Жамшид ХОЛОВ,

капитан.