Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг топшириғи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 2-апрелдаги
ПҚ-5050-сон Қарори талаблари асосида Қашқадарё вилоятида жиноятчиликни «маҳаллабай» жиловлаш ишлари аҳволини ўрганиш учун 2021-йил 23-ноябрда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятига етиб келди.
Шу куннинг ўзида, Ички ишлар вазири Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбарияти, соҳавий хизмат раҳбарлари ва барча туман-шаҳар ички ишлар органлари бошлиқлари ҳамда ишчи гуруҳ аъзолари билан йўриқномавий йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда, сўнгги вақтда вилоят миқёсида ва айниқса, Қарши шаҳар, Косон, Чироқчи, Яккабоғ, Қамаши туманларидаги криминоген вазият нисбатан оғирлашиб қолганлиги, барча ҳудудлардаги “қизил” маҳаллаларда жиноятлар сони нисбатан кўп содир этилаётганлиги танқид қилинди.
Шу нуқтаи-назардан келиб чиқиб, вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳрида ҳамда криминоген вазияти оғир ҳисобланган маҳаллаларда Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида жорий йилнинг 12-февралида ўтказилган Ички ишлар вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлиси давомида берилган топшириқларнинг ижросини ўрганиш учун алоҳида масъуллар бириктирилди.
Хусусан, масъулларнинг фаолияти ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда қуйидаги учта йўналишда ташкил этилди:
– 1-йўналиш – вилоятдаги туман ва шаҳарларни жиноятдан ҳоли намунали ва хавфсиз ҳудудга айлантириш бўйича кўрилган чораларни, шунингдек, маҳаллаларда жиноятчиликни “жиловлаш” амалиётини, профилактика инспекторлари учун яратилаётган шароитларни, шу жумладан улар билан ҳар ойда ҳокимлар томонидан ўтказилаётган учрашувлар аҳволини, хизмат фаолиятини рақамлаштириш борасидаги ишларни ҳамда 3-сектор штаблари фаолиятини ўрганиш;
– 2-йўналиш – жиноятчиликка қарши курашиш ва уни барвақт олдини олиш йўналишидаги ишлар аҳволи, тезкор-қидирув тадбирларининг натижалари, “102” тизими фаолияти, шунингдек, ҳудуд раҳбарларининг криминоген вазиятни ижобий томонга ўзгартириш бўйича ташаббускорлиги аҳволи билан танишиш ва бу борадаги фаолиятни жадаллаштириш ҳамда тезкор-қидирув тадбирларни ҳар бир туман-шаҳар ҳудудида ўтказиш;
– 3-йўналиш – ходимлар томонидан хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этиш аҳволини ўрганиш, бу борада туман-шаҳарларда маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлар томонидан амалга оширилган ишлар ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш аҳволини ўрганиш каби масалалар киритилган.
Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятидаги ҳар бир туман ва шаҳарларга борган ҳолда, ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
