Ички ишлар вазирининг 2024 йил 8 июндаги тегишли фармойишига асосан, Қашқадарё вилоятида Ички ишлар органлари ёш ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг ИВ Республика ёшлар форумига старт берилди.

Форумнинг биринчи куни хотин-қизлар учун Қарши шаҳридаги “Геолог” ўйингоҳида соҳил волейболи мусобақалари бўлиб ўтди.

Эрта тонгда бошланиб, қизғин ва муросасиз ўтган мусобақада ИИВ Жазони ижро этиш департаменти волейболчилари 1-ўринни қўлга киритди. Навбатдаги совринли ўринларни Қашқадарё вилояти ва Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармалари жамоалари банд этди.

Шаҳрисабз шаҳрида эса йигитлар учун “Жанговар марш” синовлари бўлиб ўтди. Беш километр масофага югуриш давомида иштирокчилар дастлаб қурол-аслаҳа тўлдирилган қутиларни, кейинги гал ярадорларни санитария носилкасида 200 метр масофага олиб бориш шартини бажаришди. Сўнгра 200 метр заҳарланган ҳудудни противогазда кесиб ўтиш машқларини бажаришди.

“Жанговар марш” синовларида белгиланган шартларни бажариб манзилга биринчи етиб келган Қашқадарё вилояти ИИБ жамоаси вакиллари ғолибликни қўлга киритди. 2-ўринни Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, 3-ўринни Навоий вилояти ИИБ жамоалари эгаллади.

Форум доирасидаги мусобақалар давом эттирилмоқда.

“Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтаётган форум уч кун давом этади.

Содиқ РАҲИМОВ,

ўз мухбиримиз.