Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ходимлари томонидан болалар иштирокида содир бўлаётган йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида кенг қамровли профилактик тадбир амалга оширилди.

Учрашув аввалида тадбир самадорлигини ошириш ҳамда омма эътиборини жалб қилиш мақсадида Ахборот гуруҳи томонидан тайёрланган видеоролик намойиш этилди.

Унда вилоят ҳудудида болалар иштирокида содир бўлган йўл транспорт ҳодисалари , уларни келтириб чиқарувчи сабаблар акс эттирилган. Кузатув камераларига тушган ҳолатлар таҳлил қилиниб, ўқувчилар риоя қилиши лозим бўлган қоидалар батафсил тушунтирилган.

Сўзга чиққанлар болажонларга йўлларда ҳаракатланиш тартиби, велосипедни бошқаришдаги ва жиҳозлашдаги талаблар, ота-онасининг рухсатисиз кўчага чиқмасликлари, автомобил йўлларида учрайдиган турли хил тузоқлар ҳақида тушунтиришлар олиб боришди.

Шундан сўнг ота-оналар билан алоҳида суҳбат ташкил этилиб, маҳалла ҳудудида содир бўлган мудҳиш автоҳалокат, уни келтириб чиқарган омиллар жиддий муҳокама қилинди.

Автомобил йўлларида назорациз қолаётган болаларнинг ачинарли ўлимидан ҳали-ҳануз хулоса чиқармаётганлар танқид остига олиниб, бугун бу борада барча бирдек масъулият билан иш тутмоқлиги уқтирилди.

Профилактик тарғибот тадбирлари жараёнида йиғилганларга ўқувчилар учун мўлжалланган буклетлар тарқатилиб, шу ҳудуддаги болалар билан бирма-бир учрашилиб уларга йўл ҳаракати қоидалари яна бир бор тушунтирилди.

Шунингдек, мактабга велосипедда ҳаракатланиб келган ўсмир ёшларга ушбу транспорт воситаси бошқарувида амал қилиниши керак бўлган энг муҳим жиҳатлар уқтирилиб, уларга тунда нур қайтарувчи нимча ва воситалар тарқатилди.

Жараёнда автомобил йўлларида катталар назоратисиз юрган кичик ёшдаги болалар яшаш манзилларига элтиб қўйилди. Ота-оналари билан суҳбат ўтказилиб, улар жиддий огоҳлантирилди.

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати