Кун қаҳрамони

Ўз касбига меҳр қўйган, вазифасини сидқидилдан бажарадиган инсон билан суҳбатлашиш мароқли. Айниқса, журналист бўлсангиз, у сизни бирпасда ўз ишининг ичига олиб кириб, тўлиқ тасаввур ҳосил қилишингизга ёрдам беради. 

ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармасининг Тошкент минтақасидаги Темирйўл транспортида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ППХ отряди сафдор ходими Ситора Бахтиёрова шундай ходималардан бири. Вақт тиғизлиги сабаб у билан узоқ гаплаша олмадим, бироқ қисқа муддатли учрашувдан сўнг ўз касбини чин дилдан яхши кўрадиган Ситора хотирамда муҳрланиб қолди.

Ўқувчилигида фан олимпиадаларида фаол қатнашган, коллежда ўқиганида эса “Ҳуқуқ билимдонлари” республика кўрик-танловида совринли ўринни қўлга киритган Ситора учун ички ишлар органлари муносиб жой бўлиб кўринди. Барча синовлардан, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтди.

– Баъзан куни билан хизматда бўламан, аммо чарчоқни ҳис қилмайман. Негаки, атрофимда ажойиб ҳамкасбларим бор, устозим – сафдор Лазиз Чориқулов энг яқин маслаҳатгўйим. Ёнингиздагиларнинг, оилангиздагиларнинг қўллаб турганини, хайрихоҳлигини сезсангиз, энг қийин вазифани ҳам осонлик билан бажарар экансиз, – дейди у.

Сафдор Ситора Бахтиёрова Тошкент Шимолий вокзалида йўловчи аёлларнинг вокзал ҳудудига киришини назорат қилади. Йўловчи қанча кўп бўлса, шунча турли феъл-атвор: кимдир қўрс, кимдир хафа, бири бемор бўлса, бошқаси асабий. Чиптасиз поездга чиқмоқчи бўлганлар, вокзал ҳудудига тақиқланган буюмни олиб кирмоқчи бўлганлар ҳам учраб туради. Шундай одамлар билан хушмуомалада бўлиш, ҳаракати нотўғри, ноқонуний эканини тушунтириш осон кечмайди, албатта.

Хизмат фаолияти давомида кўплаб майда безориликлар, маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаган Ситоранинг ҳали режалари бисёр. Кўзларидаги шижоат мақсадлари сари дадил боришини айтиб турибди. 

Гули Нигор АВАЗОВА,

“Постда” мухбири.