Жорий йилда мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида катта сиёсий воқеа – Президентлик сайлови бўлиб ўтади. Бу муҳим сиёсий кампанияда сиёсий партиялар ва ОАВ, фуқароларнинг фаоллиги сайловларни умум эътироф этилган халқаро стандартлар, принсиплар асосида демократик, очиқ-ошкора ўтказилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Айтиш жоизки, Марказий сайлов комиссияси ички ишлар органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиб, сайлов жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалаларига доимо катта эътибор қаратиб келади. 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган сайлов комиссияси аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш консепсиясига асосан, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ёш ходимлари иштирокида семинар-тренинг ташкил этилди.  Ушбу семинар-тренингда вилоят Иибнинг 20 дан зиёд ёш ходимлари иштирок этишди. Тренинг давомида сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ўзига хос хусусиятлари, сайлов жараёнларида ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови даврида номзодлар томонидан сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби каби мавзуларда маърузалар қилинди. 

Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати.