Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Бош прокуратура ҳамда Судъялар олий кенгашининг жорий йил 10 апрелдаги қўшма қарорига биноан, ички ишлар органлари тизимидаги профилактика инспекторларини хизматдан ажралмаган ҳолда “шаҳар инспектори” ва “қишлоқ инспектори” моделлари асосида икки босқичда базавий касбий ва чуқурлаштирилган ўқув йиғинларини ўтказиш белгиланган эди.
Шу муносабат билан, вазирлик Академияси, Малака ошириш институти, Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти профессор-ўқитувчилари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосарлари, полковник И. Ахмедов, подполковник О. Турдибаэв, вазирлик Малака ошириш институти ҳудудий филиали раҳбари, подполковник С. Алламбергенов ва профилактика инспекторлари иштирокида сайёр ўқув йиғини олдидан учрашув бўлиб ўтди.
Унда сўзга чиққан вазир ўринбосари И. Ахмедов юртбошимиз томонидан шу йилнинг 12 февралъ куни Ички ишлар вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар, ички ишлар органлари тизимида сўнгги тўрт йил мобайнида ўтказилган ислоҳотлар ҳамда бугунги кунда соҳа ходимлари олдига қўйилаётган асосий талабларга атрофлича тўхталди.
Подполковник О. Турдибаэв эса аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасизликни шакллантиришга қаратилган самарали ишларни амалга ошириш барча профилактика инспекторларининг асосий вазифаси эканлигини таъкидлаб, ўқув йиғинига жалб этилган ходимлар томонидан мавзуларни тўлиқ ўзлаштириши, ўқув-хизмат интизомига қатъий амал қилиши ҳамда базавий касбий ва чуқурлаштирилган ўқув йиғинлари якунида имтиҳонларни юқори кўрсаткичлар билан топшириш лозимлигини батафсил тушунтирди.
Шундан сўнг, вазирлик Малака ошириш институтининг ҳудудий филиали раҳбари, подполковник С. Алламбергенов, Ўзбекистон Республикасининг назорат ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан жорий йил 10 апрелда қабул қилинган қўшма қарорининг мазмун-моҳияти, базавий касбий ва чуқурлаштирилган ўқув йиғинларининг асосий мақсади, вазифалари, кун тартиби ҳамда ўқув-хизмат интизомига алоҳида тўхталиб ўтди.
Азамат Пирниязов,
“Постда” мухбири.
