Фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларини тинглаш, бу борадаги долзарб масалаларни ўрганиш ва уларни ижобий ҳал қилиш мақсадида Хоразм вилоятида Президент Администрацияси, халқ қабулхоналари, суд, судялар олий кенгаши ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбар ходимлари иштирокида сайёр оммавий қабуллар ўтказилмоқда.

Ана шундай оммавий қабуллар Ҳазорасп, Тупроққалъа ва Боғот туманлари аҳолиси учун Ҳазорасп туманининг Ғафур Ғулом маҳалла фуқаролар йиғинида ҳамда Урганч шаҳри, Хонқа ва Урганч туманлари аҳолиси учун Хонқа тумани “Дурвадик” маҳалласидаги фермер ҳўжалиги дала шийпонида бўлиб ўтди.

Унда республика суд-ҳуқуқ соҳаси раҳбарияти билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-маёр Б. Мирзараҳимов иштирок этиб, фуқароларнинг ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ мурожаатларини ўрганди. Ушбу мурожаатлар асосан ички ишлар органлари хизматига қабул қилиш, хизматга қайта тиклаш, шунингдек, ички ишлар органлари иш юритувида бўлган ҳужжатларни қонуний ҳал этишга оид масалалардан иборат бўлди.

 – Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ниятида сайёр қабулда иштирок этдим, – дейди ҳазорасплик Ж.Отажонов. – Мурожаатим эътибор билан тингланди ва 3-сектор ҳисобидан сув чиқариш насоси ёрдам тариқасида топширилди. Бундан жуда мамнун бўлдим. 

Қабул жараёнида ҳар бир мурожаатнинг тегишли тартибда ўрганиб чиқилиши ва қонуний қарор қабул қилиниши қатъий назоратга олинди.

Ўз мухбиримиз.