Зомин туманининг Даштобод шаҳрида Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-маёр Ғайрат Қодиров сайёр қабул ўтказди. Тадбир доирасида ҳудуддаги таълим муассасалари ўқувчилари иштирокида ёшлар фестивали ҳам уюштирилди. Чунончи, рассомлар беллашуви, шахмат-шашка ва стол тенниси бўйича мусобақалар, китоб ярмаркаси, саноат маҳсулотлари ва халқ амалий санъати намуналари кўргазмаси ташкил қилинди.

Тадбирда ёшларнинг 6 нафарига олий таълим муассасалари контракт тўлови, 5 нафарига сафарбарлик чақируви резервида хизмат қилиш тўлови тўланишига оид сертификатлар берилди. Икки нафар йигитга эса субсидия асосида ноутбук совға қилинди.

Худди шундай, 2 нафар фуқаролиги бўлмаган ҳамда 5 нафар вояга етган шахсга ИД-карталар тантанали равишда топширилди. 5 муҳим ташаббус доирасида фаол ёшлар сектор раҳбаридан фахрий ёрлиқлар олишди.

Сайёр қабул давомида Зомин туманининг Ғаллакор, Чилонзор, Нурафшон, Ўзбекистон, Бахт, Беруний, Бунёдкор маҳаллалари аҳолиси билан мулоқот ўтказилди. Мазкур жараёнда билдирилган муаммоларни ҳал этиш бўйича масъулларга топшириқлар берилиб, ижро муддатлари белгиланди.

Шу куни 3-сектор раҳбари 100 иш ўрнига эга, бир суткада 400 тонна семент ишлаб чиқариш қувватига эга “Дал текник Зомин семент” хорижий корхонаси ҳамда алюминий профилли эшик ва дераза ромлари, брусчатка, шлакоблок, темир-бетон маҳсулотлар ва мебелъ тайёрлашга ихтисослашган масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. Бу жараёнда ишбилармонлар томонидан билдирилган муаммоларга ечим топиш бўйича зарурий чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

“Ростда” мухбири.

Жиззах вилояти.