Вилоят ИИБ бошлиғи, полковник М.Миралимов Шофиркон туманида ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича “Андижон тажрибаси”ни амалиётга татбиқ этиш борасида ўрганиш ишларини олиб борди. Дастлаб, сектор раҳбарлари, корхона ва ташкилот вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида “Шибирғон” ва “Султонобод” маҳаллаларидаги хонадонлар атрофларида, далалар ҳамда экин ерлари четларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирлари амалга оширилди. Сўнгра “Қалмақон” маҳалласи ҳудудида “Андижон тажрибаси” асосида ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган тарғибот баннерлари ўрнатилиши ташкиллаштирилди.
Шунингдек, бошқарма бошлиғи 3-сектордаги 17 та мактаб директорлари ҳамда хусусий ўқув курслари раҳбарлари билан учрашди. Бунда ёшларнинг таълим-тарбия олишлари учун уларга замон талаблари асосида етарли шарт-шароитларни яратиш кераклигини алоҳида таъкидлаб, ҳар бир мактабда ўқувчилар учун 1 тадан алоҳида жиҳозланган синфхоналар тайёрлаш ва хусусий курсларга бепул фойдаланишга бериш борасида манзилли топшириқлар берди. Мактабларда таҳсил олаётган вояга етмаганлар орасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва улар билан олиб борилаётган манзилли чора-тадбирлар сифати бўйича муҳокама йиғилиши ҳам ўтказилди.