Кун қаҳрамони

Сардоба тумани “Дўстлик” маҳалласи профилактика инспектори, капитан Бекзод Соатов 1986 йилда туғилган. Ўрта мактабдан сўнг Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети тугатган Бекзод 2013 йилда ички ишлар органлари тизимига ишга қабул қилинди. 

У ўз хизмат фаолиятини Янгиер шаҳар ИИО ҚБ сафдори сифатида бошлайди. 2016 йилда Мирзаобод тумани ИИО ҲПБ “Боғистон” маҳалласи профилактика инспектори вазифасига тайинланади. 2017 йил май ойидан Сардоба тумани “Дўстлик” маҳалласи профилактика инспектори лавозими хизмат қилиб келмоқда.  

У фаолият юритиб келаётган маҳаллада ўтган йилда жиноятчилик содир этилишига йўл қўйилмади. Сардоба сув омборида табиий офат содир бўлган кунлари Б. Соатов фуқаролар эвакуациясида жонбозлик кўрсатди. Фалокат ҳақида хабар берилган заҳоти аҳолини кўчириш ишларига бош-қош бўлди. Унинг саъй-ҳаракати билан мингдан ортиқ фуқаро хавфли ҳудуддан олиб чиқиб кетилди. 

Синовли кунларда эвакуация қилинганларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, сув тошқини оқибатларини бартараф этиш, вайрон бўлган уй-жойларни қайта тиклаш, таъмирлаш ишларида фаол иштирок этди. Айнан у хизмат олиб бораётган маҳаллада 5 қаватли 1480 та уй-жой барпо этилиб, маҳалладошларга тарқатилди. Бундан ташқари 90 та 6 сотихли хонадонлар қурилди. Ушбу хонадонлар қурилиши, уларнинг адолатли тақсимланишида Б.Соатовнинг катта хизмати катта. 

Айни кунларда аҳолини тадбиркорликка йўналтириш, ёшлар бандлиги таъминлаш масалаларида ҳам катта ҳажмдаги ишлар олиб борилаяпти. “Ёшлар дафтари”га киритилган 90 нафар ёшнинг 8 нафарига деҳқончиликни йўлга қўйиш учун 50 сотихдан ер ажратилди. 22 нафари имтиёзли кредит эвазига қуёнчилик, асаларичилик, чорвачиликка йўналтирилган бўлса, қолгани ўқув курслари орқали ҳунар ўрганишга жалб қилиниши мўлжалланган.

Капитан Бекзод Соатов ички ишлар органларидаги намунали хизмати учун Сирдарё вилояти ИИБ томонидан бир неча бор рағбатлантирилган.

Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,  

“Постда” мухбири.