Жисмоний ва юридик шахсларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатларини ўз вақтида, сифатли кўриб чиқиш ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармаси олдида турган муҳим вазифалардан биридир.
М ва ФРББ бошлиғининг ўринбосари, подполковник А.Меҳмонов бошчилигида Гулистон шаҳар “Халқ қабулхонаси” биносида Сирдарё вилояти аҳолиси учун Миграция соҳасидаги масалалар, хусусан, фуқароликни олиш, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга доимий яшаш учун рухсатнома олиш, чет элга чиқиш учун биометрик паспорт бериш, чет эл фуқароларининг бўлиш муддатини узайтириш ва бошқа масалалар бўйича қабул бўлиб ўтди.
Жамоатчилик қабулида кўпгина муаммолар жойида ҳал қилинди. Бир қатор мурожаатлар бўйича тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Қабул якунига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилган тўрт нафар фуқарога ҳамда уч нафар 16 ёшга тўлган шахсга ИД-карталар тақдим этилди.
Шундан сўнг, Гулистон шаҳридаги “Болалар шаҳарчаси”га ташриф буюрилди ва 16 ёшга тўлган беш нафар тарбияланувчига ИД-карта ва совғалар топширилди.
Абдураҳмон Мустафоқулов,
“Постда” мухбири.
