Мамлакатимиз ички ишлар органлари ташкил этилганининг ўттиз йиллиги муносабати билан Сурхондарё вилояти ИИБ Тиббиёт бўлимида ходимлар учун тиббий кўрик кунлари ташкил этилди. Уч кун давомида ИИВ Тиббиёт бошқармаси марказий муассасаларининг тор мутахассис шифокорлари томонидан ходимлар, ҳарбий хизматчилар, фахрийлар ва уларнинг оила аъзолари малакали тиббий кўрикдан ўтказилди.

Дастлаб Термиз, сўнгра Денов туманида ташкил этилган чуқурлаштирилган тиббий кўрик давомида Термиз шаҳри, Термиз ва Музработ туманларида яшовчи хизмат чоғида олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган 9 нафар фахрийнинг хонадонларига ҳам борилди. Уларнинг 6 нафарига амбулатор, 3 нафарига эса стационар шароитда даволаниш бўйича тавсиялар берилди.

– “Саломатлик поезди” дастури доирасида ташкил этилган тиббий кўрикка вазирлик Тиббиёт бошқармаси ва унинг тизимидаги Марказий госпитал, Марказий поликлиника ва “Ўзбекистон” санаториясининг терапевт, нейрохирург, жарроҳ, кардиолог, травматолог, пулмонолог, лор, офталмолог шифокорлари бириктирилган, – дейди ИИВ Тиббиёт бошқармаси бош инспектор-шифокори, капитан Рустам Муродов. – Улар шахсий таркиб, нафақахўрлар ва уларнинг оила аъзоларидан 350 нафардан ортиғини тиббий кўрикдан ўтказишди.

Тиббий кўрик давомида вилоят ИИБ Тиббиёт бўлимидаги мавжуд УТТ, ЭКГ, рентген, ФЛГ аппаратлари, клиник ва биохимик лаборатор текширувлардан кенг фойдаланилди.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

“Постда” мухбири.

Сурхондарё вилояти.