Вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Ш.Алиев барча соҳавий хизмат раҳбарлари, шаҳар ва туман ички ишлар органлари бошлиқлари ҳамда тегишли хизмат соҳа масъуллари иштирокида “ЗООМ” платформаси орқали муҳокама йиғилиши ўтказди. Йиғилиш аввалида бошқарма бошлиғи Ички ишлар вазирининг буйруғи билан янгидан ташкил этилган 3 та штат бирлигидан иборат “секторлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлинмаси”, унинг фаолияти, хизмат вазифалари ва ушбу штат бирликларига тайинланган ходимларни таништириб, уларнинг келгусидаги вазифалари белгилаб олинди.
Тадбирда асосан шаҳар ва туманларнинг ички ишлар органлари бошлиқлари раҳбарлигидаги 3-сектордаги барча кўрсаткичлар, жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарлари юзасидан амалга оширилаётган ишлар натижалари, маҳаллаларни ободонлаштириш борасидаги берилган топшириқлар ижроси муҳокама қилинди. Мазкур йўналишларда тизимли камчиликларга йўл қўйиб келаётган Бухоро ва Когон шаҳар, Шофиркон, Қоракўл, Пешку, Ромитан ва Олот туман ички ишлар органлари раҳбарлари қаттиқ огоҳлантирилди ва иш самарадорлигини ошириш ҳамда натижадорликка эришиш бўйича манзилли топшириқлар берилди.
Шундан сўнг бошқарма бошлиғи жорий йилнинг март ойи 10 кунлигида вилоятда содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик аҳволи, “Жиноятчиликка қарши курашиш бўйича зарбдор ойлик” ҳамда “Тозалаш-Антитеррор” махсус тезкор профилактик тадбирининг 20 кунида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликларни бирма-бир таҳлил қилди. Жиноятлар кескин ошган Бухоро шаҳар, Ғиждувон, Когон, Вобкент ва Бухоро туманлари ички ишлар органлари масъулларини қаттиқ огоҳлантирди.
Жиноятчиликка қарши курашиш бўйича “қизил” ва “сариқ” тоифага киритилган, криминоген вазияти оғир маҳаллаларда “Маҳаллабай” тизим асосида ишларни ташкил қилиб, ҳамкорликдаги чора-тадбирларни кучайтириш ҳамда жиноятчиликни кескин жиловлаш борасида топшириқлар берилди. Қолаверса, масъул раҳбарлар ва маҳаллаларга бириктирилган бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакилларининг кунлик иш натижаларини мониторинг қилиш, таҳлил асосида бириктирилган куч ва воситалар дислокациясини кунлик қарорлар асосида ўзгартириб, иш самарадорлигини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Таҳлилий ва танқидий руҳда ўтган йиғилишда ҳар бир масала юзасидан аниқ ҳамда манзилли кўрсатма ва топшириқлар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати.
