Ички ишлар вазирлиги Самарқанд академик лисейида таълим олишни ният қилган мактаб битирувчилари учун тест синовларини очиқ майдонларда ташкил этилди. Синовларда 948 нафар йигит-қизлар иштирок этди. Улар орасидан натижаларида ўзининг зукко ва билимдонлигини кўрсатган 200 нафар ўқувчи танлаб олинади. Шунингдек, уларнинг 44 нафари рус тили йўналишидаги гуруҳларда таълим олиши режалаштирилмоқда.
Жорий йилда ушбу нуфузли таълим муассасасида таҳсил олиш истагини билдирганлар сони ўтган йилги кўрсаткичдан (1150) отиб, умумий 1447 нафарни ташкил қилди. Ҳужжат топширган ўқувчи-ёшларнинг ҳаммасига ҳам оралиқ босқичлардан муваффақиятли ўтиш насиб этмади. Биринчи босқичда номзодлар суҳбатдан, психологик тест ва тиббий комиссия текширувидан ўтишди. Иккинчи босқичда иншо ёзиш ва спорт бўйича белгиланган меъёрларни топширишга тўғри келди. Учинчи, якунловчи босқич – тест синови. Бу босқичда номзодлар она тили, тарих ва чет тилидан саволларга жавоб беришди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, ўқишга халқаро турнирлар, фанлар бўйича олимпиадалар, кўрик-танловлар ғолиблари ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари имтиёзли тарзда қабул қилинди.
ИИВ академик лисейига ўқишга қабул қилинганлар чуқурлаштирилган ҳарбий таълим олади. Уларнинг интеллектуал ва жисмоний ривожланиши таъминланади.
Яқин кунларда 200 ўринли ётоқхонанинг очилиши ўқувчилар учун янги ўқув йилига муносиб совға бўлди. Ёз ойларида тўлиқ таъмирдан чиқарилган ётоқхона янги ўқув йилидан янги истиқоматчиларни ўз бағрига олади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, ўтган ўқув йилида мазкур таълим муассасасини 237 нафар ёшлар битирган бўлиб, уларнинг аксарияти ИИВ Академиясига ҳужжат топширишди.
Тест синови натижалари яқин кунларда онлайн тарзда эълон қилинади.
Замира БОЛТАЭВА,
“На посту” мухбири.
Самарқанд вилояти.
Муаллиф олган сурат.
