Тил – бу миллатнинг руҳи, халқнинг муқаддас ва бебаҳо қадриятларидан бири. Яқинда мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий, тарихий сана бўлган – Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақидаги қонуни қабул қилинган кунга 32 йил тўлди.

Шу қутлуғ сана муносабати билан 2021 йил 19 октябр куни ИИВ Қашқадарё академик лицейида “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида “Тил билимдонлари” танлови ташкил этилди. Ушбу танлов икки босқичда ўтказилди. Тест синовлари шаклида бўлиб ўтган биринчи босқичда академик лицейнинг она тили ва адабиёт фани бўйича билимли, иқтидорли ўқувчилари саралаб олинди.

Танловнинг якуний босқичида иштирок этган учта жамоа “саводхонлик сабоқлари”, “адабиёт дурдоналари”, тезкор савол-жавоблар ҳамда ўзбек тили луғат бойлигидан ўрин олган сўз ва ибораларнинг маъносини изоҳлаб бериш каби шартлар орқали ўз билим ва салоҳиятларини намоён этишди.

Шунингдек, тадбир давомида ўқувчилар томонидан гўзал диёримизни, бебаҳо она тилимизни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар ижро этилди. Қизиқарли ва ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлган “Тил билимдонлари” танлови барчага маънавий озуқа ҳамда яхши кайфият улашди. Шу каби зукколик ва билимдонлик баҳслари, илмий-маърифий тадбирлар академик лицей ўқитувчилари ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Танлов ғолиблари ва фаол иштирокчилар 21 октябр санасида муносиб тақдирланади.


Ирода МУРОДОВА,

ИИВ Қашқадарё академик лицейи  

Она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси