8 декабр – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун
Конституциямиз буюк аждодларимизнинг асрий армонларини, эркин ҳаёт, фаровон жамият ва адолатли давлат барпо этишдек орзуларини ўзида мужассам этган. Бош Қомусимиз барча қабул қилинадиган қонунлар, меъёрий ҳужжатлар учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Конституция – давлатнинг асосий қонуни. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини белгилаб беради. Дунёда биринчи конституция 1787 йили Ақшда қабул қилинган. Европада эса биринчи бўлиб 1791 йил Полша ўз конституциясини қабул қилган. Ҳар бир давлатнинг конституцияси ўзига хос жиҳатларга эга бўлиб, унинг миллий хусусиятлари, анъаналаридан келиб чиқади.
Мустақил Ўзбекистон Конституциясини яратиш ғояси илк бор 1990 йил 20 июнда бўлиб ўтган Олий Кенгашнинг 2-сессиясида илгари сурилган. Ушбу сессияда Биринчи Президент Ислом Каримов раислигида 64 кишидан иборат Конституциявий комиссияни тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Унинг таркибига депутатлар, Қорақалпоғистон Республикаси
ва вилоятлар вакиллари, давлат ҳамда жамоат бирлашмалари, корхоналар ва хўжаликлар раҳбарлари, ҳуқуқшунос олимлар, мутахассислар кирган. Комиссия ишлаб чиққан лойиҳа матбуотда эълон қилиниб, кенг муҳокама қилинган.
Конституциямиз ХИИ чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида 1992 йил 8 декабрда қабул қилинди. 30 йил давомида Бош қомусимизга бир неча бор тузатиш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир”, деб таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, суверен республикамиз Конституцияси инсон ва фуқаро ҳуқуқларининг демократик хартияси бўлиб, у ҳуқуқий ва инсонпарвар давлатни шакллантиришнинг стратегик дастури вазифасини ўтаб келмоқда. Мамлакатимизда Конституциямизда белгилаб берилган қоида ва тамойиллар негизида самарали миллий қонунчилик тизими, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланиб, ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, давлатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳияти юксалиб, халқимизнинг онгу тафаккури тобора ўсиб бораётгани, айниқса, аҳамиятлидир.
Фарҳод ЯНГИБОЕВ,
ИИВ Сурхондарё академик лицейи ҳуқуқшунослик фани ўқитувчиси.
