Жорий йилнинг 18-январ куни республика Ички ишлар вазири жамоат хавфсизлиги ва аҳоли осойишталигини таъминлашга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказган эди. Мазкур йиғилишда ички ишлар органлари масъулларига кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослашган мактаб-интернатларида таълим шароитларини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди. Шу маънода Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-маёр Ғайрат Қодиров вилоят кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослашган мактаб-интернатини масъуллар билан биргаликда ўрганди.

Мазкур жараёнда 150 ўринли ўқув хонаси, 150 ўринли ошхона ҳамда 100 ўринли ётоқхонага зарурат борлиги аён бўлди. Шу боис вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўқув муассасасида амалга оширилиши лозим бўлган қурилиш ва таъмирлаш режаси ҳамда сметасини тайёрлаш бўйича топшириқ берди.

Маълумот ўрнида айтиш керак, мазкур мактаб-интернати 2005 йилда мактабгача таълим муассасаси ўрнида қўшимча бинолар қуриш ва мослаштириш йўли билан барпо этилган. Бу ерда асосан Жиззах, қисман Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида яшовчи 286 нафар ўқувчи таълим олади, яшайди. Ўқув даргоҳида 31 та синфхона бор. Мавжуд 150 ўринли ётоқхона 240 ўринга мосланган. Жой етишмаслиги сабаб 100 ўринли ошхонадан 2 навбатда фойдаланилади.

Хуллас, тез орада учинчи сектор масъуллари раҳбарлигида муасасасада қурилиш ва таъмирлаш ишларига киришилади.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

“Ростда” мухбири.

Жиззах вилояти.